Электрон савдо майдончасида электрон савдолар ўтказиш қоидалари

Мазкур Низом ягона электрон савдо майдончасида (ЕСМ) очиқ электрон онлайн аукцион савдоларини ўтказишни тартибини белгилайди. ЕСМда савдолар турли мулкчилик шаклдаги объектлар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар, кўчмас мулклар ва уларга бўлган ҳуқуқлар, жисмоний шахсларга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан индивидуал уй-жой қурилиши учун ажратилган ер участкалари ҳамда юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун ажратилган ер участкаларини реализация қилиш, шунингдек автомототранспорт воситалари, асбоб-ускуналар, устав капиталидаги улушлар, бошқа турдаги мол-мулкларни сотиш мақсадида ўтказилади. Савдолар электрон онлайн аукцион шаклида ўтказилади.

Асосланган қонун ҳужжатлари:

  • Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси 3-кичик бўлим “Объектлар” 8-БОБ “Номоддий неъматлар” 97-98 моддалар;
  • ИВ бўлим “Интелектуал мулк” 1031-1040 моддалар;
  • 4-кичик бўлим “Битимлар ва вакиллик” 9-БОБ “Битимлар” 1-§ “Битимлар тушунчаси. Турлари ва шакли”, 101-105 моддалар, 107-111 моддалар;
  • 6-§. Закалат, 311-312 моддалар;
  • 27-БОБ “Шартнома тузиш” 364-381 моддалар;
  • 7-§. “Кўчмас мулкни сотиш” 479-488 моддалар;
  • 38-БОБ. “Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш” 703-708 моддалар;
  • 46-БОБ. “Топшириқ” 817-825 моддалар;
  • Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган «Eлектрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида»ги 1060-ХИИ-сонли қонуни.

Атамалар ва тушунчалар

  • ягона электрон савдо майдончаси – электрон онлайн аукционни ташкил этиш ва уни ўтказиш жараёнига қизиқиш билдирганлар иштирокини таъминлайдиган, шунингдек, электрон онлайн аукцион савдоларни ташкил этиш жараёни учун маълумотларни киритиш, сақлаш ва умумлаштириш имконини берадиган ахборот тизими.
  • электрон онлайн аукциони – Интернетдаги ягона электрон савдо платформасидаги барча иштирокчиларга иштирок этиш учун тенг ҳуқуқлари яратилган электрон савдолар тури.
  • оператор – ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн аукцион савдоларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли ташкилот.
  • хабарнома – ягона электрон савдо майдончаси орқали объектнинг савдоларини амалга ошириш ҳақида Интернетдаги расмий сайтда жойлаштириладиган маълумот.
  • объект – турли мулкчилик шаклидаги мулклар, шу жумладан қурилиш тугалланмаган мулклар, кўчмас мулклар ва уларга бўлган ҳуқуқлар, жисмоний шахсларга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан якка тартибда уй-жой қурилиши учун ажратилган ер участкалари ҳамда юридик шахсларга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун ажратилган ер участкалари, автомототранспорт воситалари, асбоб-ускуналар, устав фонди улушлари, бошқа турдаги мулклар.
  • аукцион лоти – электрон онлайн аукционда реализация қилиш учун чиқарилган объект.
  • бошланғич нарх – электрон онлайн аукционга чиқарилган объектнинг бошланғич нархи.
  • минимал нарх – объектни сотиш мумкин бўлган пасайтирилган нархи.
  • объектнинг баҳолаш нархи – электрон онлайн аукционга чиқарилган объектнинг баҳолаш ҳисоботида кўрсатилган нарх.
  • такрорий аукцион – объект эгаси кўрсатмаси бўйича нархини пасайтириш (ёки ўзгартирмаслик) усули билан амалга ошириладиган электрон онлайн аукцион.
  • сотувчи – объект ёки мулкнинг ва унга бўлган ҳуқуқларнинг эгаси ҳисобланади, Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари (давлат мулки ва ер участкаларини реализация қилишда).
  • фойдаланувчи – ким ошди савдосида иштирок этишни истаган юридик ёки жисмоний шахс.
  • аукцион қатнашчиси – онлайн аукционда қатнашиш учун ариза берган ва онлайн-аукционда қатнашишга рухсат берилган жисмоний ёки юридик шахс.
  • ғолиб – савдо объектининг энг юқори баҳосини таклиф этган аукцион иштирокчиси.
  • техник бузилиш – иштирокчилардан бирига электрон онлайн-аукционда иштирок этишга имкон бермайдиган ёки оператор ходимига электрон онлайн-аукцион ўтказилишига хизмат кўрсатишнинг техник имкониятини таъминламайдиган электрон савдо майдончасидаги техник носозликлар.

Умумий қоидалар

1.1. «Eлектрон-аукцион савдоларни ташкил этиш маркази» ЕСМда электрон аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳуқуқига эга.Электрон онлайн аукционида жисмоний ва юридик шахслар, ушбу ҳужжатнинг 1.3-бандда кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, иштирок этишлари мумкин.

1.2. Онлайн электрон аукционда иштирок этиш учун фойдаланувчи рўйхатдан ўтиш талаб этилади. ЕСМда рўйхатдан ўтгач, фойдаланувчига «Шахсий кабинет» яратилади. Электрон онлайн аукцион тизимига рўйхатдан ўтиш ва авторизация қилиш йўли орқали фойдаланувчи ўзи ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигини кафолатлайди ва уларнинг ишончлилиги учун тўлиқ жавобгар бўлади. Рўйхатга олиш – фойдаланувчининг шахсий маълумотларини операторни қайта ишлашга (жумладан, йиғиш, сақлаш, таснифлаш ва тушунтириш) розилигини билдиради.

1.3. Қуйидаги тоифадаги шахслар онлайн электрон аукционда қатнаша олмайди:

  • қабул қилиш муддати тугагандан сўнг ариза берган фойдаланувчилар;
  • операторнинг ходимлари;
  • тугатиш босқичида турган ёки банкрот деб эътироф этилган нодавлат юридик шахслар.

1.4. Электрон онлайн аукционлар ва лот ҳақида маълумот оператор веб-порталида савдо бошлангунга қадар камида 30 календар кун олдин эълон қилинади. Такрорий савдолар 15 календар кун олдин эълон қилинади.

Электрон онлайн аукционда иштирок этиш шартлари

2.1. Электрон онлайн аукционда иштирок этиш закалатни тўлаб, фойдаланувчининг аввалроқ рўйхатдан ўтган логин ва пароли ёрдамида тизимга кириши орқали амалга оширилади. Бунда фойдаланувчининг шахсий кабинетидаги маълумотлари ҳужжат нусхасини юбориш орқали тасдиқланган бўлиши керак.

2.2. Электрон аукцион савдоларда қатнашиш учун аризалар хабарнома берилган кундан бошлаб операторнинг веб-порталида автоматик равишда қабул қилинади ва онлайн аукцион кунидан олдинги иш кунида соат 10:00 да тўхтатилади.

  • Қабул қилиш муддати тугагандан сўнг закалатлар қабул қилинмайди.

2.3. Онлайн аукционда иштирок этиш учун закалат хабарномада кўрсатилган миқдорда белгиланади ва операторнинг банк ҳисоб рақамига тўланади.

  • Закалат киритиш йўли билан иштирокчи, аукцион ғолиби деб топилганида белгиланган мажбуриятларнинг, жумладан қурилиш ва инвестиция киритиш муддатларига риоя этиш, яратиладиган янги иш ўринлари сонини таъминлаш, объектнинг профили ва маҳсулотларнинг тури (кўрсатилган хизматлар) яратишдан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини кафолатлайди. Мавжуд мажбуриятлар хабарномада кўрсатилади.

2.4. Иштирокчи онлайн электрон аукционда қатнашиш учун закалат топшириш муддатидан кечиктирмай, операторга ёзма мурожаат қилиш орқали аризасини қайтариб олиши ёки ўзгартириши мумкин.

  • Электрон аукционда иштирок этиш учун ариза қайтариб олинганидан кейин оператор 5 иш куни ичида закалат миқдорини қайтаради. Закалат суммаси аризачининг аукционда иштирок этиш ҳақидаги аризасида кўрсатилган банк ҳисоб рақамига ўтказилади.

2.5. Белгиланган талабларга мувофиқ аризани электрон аукционда иштирок этишга тўғри тўлдирган ва вақтида жўнатган, шунингдек, закалатнинг тўлиқ миқдорини тўлаган фойдаланувчининг аризаси оператор томонидан қабул қилади.

  • Аукцион иштирокчисига закалат пули тўлаган аукцион савдосида иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этилади.

2.6. Агар ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ тўлдирилмаган ва жўнатилмаган бўлса, операторнинг банк ҳисобварағига закалат киритилмаган (тўлиқ тўланмаган) ва ушбу ҳужжатнинг 1.3-бандида кўрсатилган шахслар томонидан ариза тақдим этилганда, оператор аукционда иштирок этиш учун аризачининг аризасини рад этиб фойдаланувчига хабар беради.

  • Бундай ҳолатда, аризачи камчиликларни тузатиб, хабарномада кўрсатилган аризаларни қабул қилишнинг охирги муддатидан кечиктирмай, онлайн аукционда иштирок этиш учун қайтадан ариза бериш ҳуқуқига эга.

Электрон онлайн аукционни нархни қадамба-қадам ошириш усули билан ўтказиш тартиби

3.1. Операторнинг веб-порталида электрон онлайн-аукцион хабарномада кўрсатилган кун ва вақтдан бошланади.

3.2. Электрон аукцион савдолари объектга ариза топширган иштирокчилар мавжуд бўлганида ўтказилади. Онлайн аукцион иштирокчилари интернет аукцион бошланишидан 1 соат олдин веб-портал томонидан уларга берилган махсус рақамдан фойдаланиб, савдо майдончасига кирадилар. Аукционга аризаси қабул қилинган иштирокчилар сони ошкор қилинмади.

3.3. Электрон онлайн аукцион иш куни давомида соат 12-00 дан 16-00 гача ўтказилади. Аукцион савдоси объектга камида битта иштирокчи ариза топширган ҳолатда булгиланган вақтда бошланади.

3.4. Объектнинг электрон аукцион орқали сотиш учун белгиланган нархи лотнинг бошланғич баҳоси ҳисобланади.

3.5. Аукционнинг қадам миқдори:

  • объектнинг бошланғич баҳосининг 5 фоизи;
  • объектнинг бошланғич баҳосининг 3 фоизи, қиймати онлайн-аукцион хабарномани жойлаштириш вақтида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 10000 баробаридан ортиқ бўлганда (ёки буюртмачи ва оператор ўртасидаги келишувга асосан);
  • объектнинг бошланғич баҳосининг 1 фоизи, қиймати онлайн-аукцион хабарномани жойлаштириш вақтида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 30000 баробаридан ортиқ бўлганда (ёки буюртмачи ва оператор ўртасидаги келишувга асосан);
  • аукцион қадами миқдори сотувчи томонидан бозор конюктурасидан келиб чиқиб белгиланиши мумкин.

3.6. Электрон онлайн-аукцион иштирокчилардан бири лотни бошланғич нархдан белгиланган қадам фоизи миқдорича ошириб сотиб олиш таклифини бериш билан бошланади.

3.7. Агар қатнашчилардан бири 10 дақиқа ичида таклифни тасдиқласа, белгиланган қадамга оширилган нарх бўйича кейинги таклифни бошқа иштирокчилар томонидан тасдиқлаш вақти автоматик тарзда 10 дақиқага узайтирилади.

3.8. Охирги тасдиқланган таклифдан сўнг 10 дақиқа ичида лотнинг нархини ошириш бўйича кейинги таклифни иштирокчиларнинг бирортаси тасдиқламаса, электрон аукцион савдолари аукцион натижалари бўйича баённомани автоматик равишда тузиш йўли билан тугатилади. Охирги тасдиқланган таклифни берган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

3.9. Агар лотнинг баҳосини ошириш таклифининг охирги тасдиқлови иштирокчи томонидан онлайн аукцион тугагунига қадар 10 дақиқадан камроқ вақт олдин берилса, аукцион даври автоматик равишда таклифнинг охирги тасдиқланган вақтдан бошлаб 10 дақиқага узайтирилади. 10 дақиқа давомида ҳар бир кейинги таклиф электрон аукцион муддатини узайтиради. Аукцион ғолиби деб лотни нархига таклифни 16:00гача охирги тасдиқлаган иштирокчи ҳисобланади.

3.10. Соат 12:00дан 16:00гача лотнинг нархини ошириш бўйича таклифни иштирокчиларнинг бирортаси тасдиқламаса, электрон аукцион савдолари бўлиб ўтмаган деб топилади ва 16-00да тугатилади.

3.11. Электрон савдо майдончаси техник узилиши (носозлиги) натижасида электрон савдолар ўтказишни тўхтатиб қўядиган бўлса, иштирокчиларни ким ошди савдоси ўтказиладиган сана ва вақти тўғрисида огоҳлантириб, техник носозлик тузатилган кундан кейинги кун давом этади. Иштирокчининг компютерида ва (ёки) телекоммуникация ускунасида техник носозлик (узилиш) бўлса, аукцион давом этади.

Электрон онлайн аукционни бўлиб ўтмаган деб ҳисоблаш

4.1. Қуйидаги ҳолларда электрон аукцион бўлиб ўтмаган деб топилади:

  • аукционда иштирок этиш учун иштирокчилардан бирорта ариза топширилмаганда;
  • савдо майдончасида рўйхатдан ўтган иштирокчилар томонидан объектни сотиб олиш таклифи берилмаганда;
  • оператор аукцион ғолиби ушбу ҳужжатнинг 1.3-бандида кўрсатилган шахсларга тегишли эканлиги аниқланганда, аукцион савдоси натижалари тўғрисида баённома тузишдан олдин.

4.2. Такрорий аукционлар хабарномада кўрсатилган кун ва вақтда ўтказилади. Такрорий аукционда объектларни сотишда савдони ўтказиш тартиби ўзгаришсиз қолади.

Аукцион объектларига бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш тартиби

5.1. Ҳар бир сотилган объект бўйича веб-портал томонидан автоматик тарзда савдо куни онлайн аукцион натижалари тўғрисидаги электрон баённома расмийлаштирилади. Электрон баённома савдо ташкилотчиси томонидан ва аукцион ғолиби (ҳозир бўлса) томонидан тасдиқланади.

  • Зарурат бўлганда, электрон баённома нусхаси, савдо майдончасининг ҳудудий филиалининг муҳри билан жойларда тасдиқланади.

5.2. Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома сотувчи ва онлайн аукцион ғолиби ўртасида олди-сотди шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.

5.3. Агар объектни сотиш бўйича савдога қатнашиш учун ягона иштирокчидан ариза келиб тушган бўлса, объект нархи белгиланган қадам миқдорича оширилган баҳода сотиб олиниши сотувчи томонидан кўриб чиқилади.

5.4. Савдо ғолиби томонидан аукцион ўтказилганидан кейин 20 кун ичида, объектнинг сотувчиси билан олди-сотди шартномасини имзоламаса ёки имзолашдан бош тортса, шунингдек келишувчанлик ва онлайн аукцион жараёнини бузадиган бошқа ҳаракатларда иштироки аниқланганда, ушбу объектни кейинги савдоларида иштирокчи сифатида қатнашмайди.

  • Ушбу шахс онлайн аукцион ғолиби сифатида сотувчиси билан олди-сотди шартномасини имзоламаса ёки имзолашдан бош тортса, шунингдек келишувчанлик ва онлайн аукцион жараёнини бузадиган бошқа ҳаракатларда иштироки такроран аниқланганда, ушбу шахс автоматик равишда электрон савдо майдончаси орқали кейинги савдоларда қатнаша олмайдиган шахслар рўйхатига киритилади.

Закалат суммасини қайтариш тартиби ва шартлари

6.1. Аукцион савдоси тугаганидан ёки унинг бўлиб ўтмаган деб топилганидан кейин закалат қайтариб берилади, 6.2-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно:

  • бўлиб ўтмаган деб топилганидан аукцион иштирокчисига аукцион кунидан бошлаб 5 иш куни ичида;
  • ғолиб бўлмаган иштирокчига аукцион кунидан бошлаб 5 иш куни ичида.
  • ягона иштирокчи закалат суммаси сотувчининг объектни олди-сотди шартномасини тузиш (тузмаслик) ҳақида маълумот тақдим этгунга қадар оператор ҳисобига қолади.
  • Аукцион иштирокчисининг аризаси бўйича закалат миқдори лотнинг такрорий аукционида иштирок этиш учун операторнинг банк ҳисоб рақамига қолдирилиши мумкин.

6.2. Аукцион савдоси ғолиб деб эътироф этилган ва 20 кун ичида объект сотувчиси билан олди-сотди шартномасини имзоламаган ва ушбу ҳужжатнинг 1.3-бандида кўрсатилган ким ошди савдоси иштирокчисининг закалати қайтарилмайди ва операторнинг тасарруфида қолади.

  • Электрон онлайн аукционни тўхтатиш ёки бекор қилиш тартиби ва шартлари

7.1. Электрон онлайн аукционни ташкил этиш жараёни савдонинг бошланишига қадар ёки бўлиб ўтмаган деб топилганида сотувчининг талабига биноан, суднинг қарорига асосан ва қонунга зид келмайдиган бошқа ҳолларда тўхтатилиши мумкин.

  • Бунда иштирокчининг аризасига биноан закалат суммаси 5 иш куни ичида қайтарилади

7.2. Аукцион савдо жараёни тўхтатилганлигига боғлиқ бўлган ва объект савдодан олинганлиги натижасида келиб чиқадиган саволлар ва низолар аукцион ғолибнинг қонуний манфаатларини ва электрон аукционда ғолиб бўлганлиги фактини ҳисобга олиб, суд томонидан кўриб чиқилади.